Хурматли талабалар! Ички касалликлар фани клиник фан ҳисобланади. Ички касалликлар фани кардиология, ревматология, пульмонология, гастроэнтерология, нефрология бўлимларидан иборат. Фан бўйича намунавий ва ишчи дастур яратилган. Дастур Давлат таълим стандарти ва умумий амалиёт шифокорини тайёрлаш дастури асосида тузилган, талабаларга ички касалликлар фанидан таълим бериш учун мўлжалланган. Ички касалликлар фани талабаларда мутахассисликка оид тасаввур, билим, кўникма ва малакаларни эгаллашда катта аҳамиятга эга бўлиб, кафедрамиз профессор – ўқитувчилари Сиз талабаларга ушбу йўналишда доимий ёрдам кўрсатадилар.
ФАННИНГ МАҚСАДИ:
Талабаларга “Умумий амалиёт шифокори квалификацион характеристикаси”га ва “Даволаш иши” йўналиши битирувчилари талабларига мос равишда ички аъзолар касалликлари мавжуд беморлар муаммоларини синдромал ёндашиб ҳал қилиш, уларни соғлиқни сақлашнинг бирламчи звеноси шароитида эрта ташхислаш, профилактика, қиёсий ташхислаш ва олиб бориш тактикасини ўргатиш.
ФАННИНГ ВАЗИФАЛАРИ:
- Талабаларга синдромал ёндошган ҳолда касалликларни ўз вақтида ва эрта ташҳислашни ўргатиш.
- Талабаларга маълум синдром билан кечувчи касалликларни қиёсий ташҳислашни ўргатиш.
- Муҳим билим ва амалий кўникмаларни янада мукаммаллаштириш (маълумот йиғиш, бемор муаммосини аниқлаш ва объектив кўрик, шунингдек лаборатор-асбобий текширув усулларини асосли тавсия этиш, консультация қилиш кўникмалари).
- Талабаларга беморларни олиб бориш тактикасини асосли танлашни ўргатиш.
- Талабаларга мақсадли даволаш-профилактика чора-тадбирларини амалга оширишни ўргатиш.
- Талабаларга қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) , қишлоқ оилавий поликлиникаси (ҚОП) ва оилавий поликлиника (ОП) шароитида диспансер кузатув ва мониторинг принципларини ўргатиш.
ФАН БЎЙИЧА БИЛИМ ВА КЎНИКМАЛАРГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР
Талаба билиши лозим:
- Оилавий тиббиёт асослари, принциплари ва фалсафасини.
- Консультация қилиш принципларини.
- Маълум синдром билан кечувчи касалликлар рўйхатини.
- Маълум синдом билан кечувчи хавфли кавалликлар рўйхатини.
- ҚВП ёки ОП шароитида олиб боришни талаб этувчи ҳолатлар рўйхатини (УАШ квалификацион характеристикасига мос равишда).
- Тор мутахассис консультацияси ёки госпитализацияни талаб этувчи ҳолатлар (УАШ квалификацион характеристикасига мос равишда).
- ҚВП ёки ОП шароитида ўтказишни талаб этувчи зарурий текширувлар рўйхати (УАШ квалификацион характеристикасига мос равишда).
- Кўп учрайдиган касалликларнинг асосий клиник кўринишлари.
- Маълум синдром билан кечувчи касалликларни ташҳислашдаги асосий жиҳатлар (мезонлари).
- Ички аъзолар зарарланиш симптомлари.
- исботли тиббиётга асосланган ҳолда касалликни даволаш усуллари ва принциплари (шу билан бир қаторда номедикаментоз).
- ҚВП ёки ОП шароитида бирламчи, иккиламчи ва учламчи профилактика принциплари.
- ҚВП ёки ОП шароитида беморларни олиб бориш (шу билан бир қаторда, тор мутахассис кўриги ва стационар даволанишдан сўнг ҳвм), диспансер кузатув ва реабилитация принциплари.
Т алаба қила олиши лозим:
- Тиббий этика ва деонтологияга амал қилиш.
- Беморнинг ҳаёт сифатига таъсир қилган асосий муаммосини аниқлаб олиш.
- Анамнез йиғиш (бемор ва унинг қариндошларини сўраб-суриштириш, ёрдамчи саволлар бериш), тизим ва аъзолар бўйича кўрикдан ўтказишни ўз ичига олувчи бемор клиник текширувини ўтказиш.
- Анамнез ва объектив кўрикка асосланган ҳолда дастлабки ташҳисни қўйиш.
- Мақсадга йўналтирилган текширувларни тавсия этиш.
- Клиник ва биохимик таҳлиллар, шунингдек, асбобий текширувлар натижаларини (ЭКГ, рентген сурати, пикфлоуметрия) интерпретация қилиш.
- Касалликни қиёсий ташҳислаш (қарор қабул қилишнинг клиник мантиқи).
- Якуний ташҳисни қўйиш.
- Баморни консультацияга юбориш, қўшимча тиббий текширувлар ва госпитализация қилиш ҳақида қарор қабул қилиш.
- Рационал давони тавсия этиш (номедикаментоз маслаҳатлар ва медикаментоз даво).
- Шошилинч ҳолатларда шифохонагача бўлган ёрдамни кўрсатиш.
- ҚВП ёки ОП шароитида беморларни мониторинг ва диспансер кўрикдан ўтказиш.
- Меҳнатга лаёқатлиликни аниқлаш (вақтинчалик ва турғун). Тиббий ҳужжатларни расмийлаштириш.
- Бемор реабилитациясини ўтказиш ва санатор-курорт давога юбориш.
- Беморни оила доирасида кўриб чиқиш.
- ҚВП ёки ОП шароитида профилактик, соғломлаштирувчи, санитар-гигиеник чора-тадбирларни ўтказиш.
- Беморлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган гурухларина парваришлаш.
Талаба қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши лозим:
- Беморларни мустақил қабул қилиш.
- Консультация қилиш.
- Тизим ва аъзолар бўйича кўрикдан ўтказиш, пальпация, перкуссия ва аускультация қилиш.
- Асосий синдромни аниқлаш.
- Хавф омилларини аниқлаш.
- Муҳим бўлган текширувлар режаси тузиш.
- ЭКГ олиш техникаси.
- Пикфлоуметрия техникаси.
- Тонометрия.
- Таъсири исботланган препаратларни танлаш.
- Олиб борилган даво эффективлиги назорати.
- Бемор аҳволи мониторинги.
- Экстрагенитал касаллиги бор ҳомиладор аёлларга тиббий-санитар ёрдамни кўрсатиш.
- Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш (хавф гурухи ва аҳоли билан ишлаш).
- Диспансеризация ва реабилитация ўтказиш.
- Профилактика чора-тадбирларини ўтказиш.